Қайта сайланган Беларусь президенти Александр Лукашенконинг лавозимини эгаллаш маросими 6 ноябрь, жума куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Илк бор мазкур маросим Мустақиллик саройида бўлиб ўтади. Тантанали маросимлар залида Александр Лукашенко Беларусь президенти қасамёдини келтиради ва тегишли ҳужжатни имзолайди. Лукашенкога президентлик гувоҳномаси мингдан зиёд меҳмонлар иштирокида топширилади. Улар орасида юқори мартабали шахслар, турли даражадаги раҳбарлар, дипломатик корпус вакиллари, хорижлик меҳмонлар бўлиши кутилмоқда», — дея таъкидлайди матбуот хизмати.
Шундан сўнг тантаналар Давлат байроғи майдонига кўчади: бу ерда ҳарбий хизматчилар Беларусь халқи ва президентига садоқат билан хизмат этишга қасамёд қилади, фахрий қаровул ротаси кўриги ўтказилади. Республика саройида эса байрам концерти бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Александр Лукашенко 11 октябрда бўлиб ўтган сайловларда 83,5 % овоз тўплаб, ғолиб чиқди. 61 ёшли Лукашенко Беларусь президенти лавозимини бешинчи бор эгалламоқда.
Изоҳ (0)