Охирги ўн йил ичида дунё бўйича 700 дан ортиқ журналист можаролар ва буюртма қотиллик қурбони бўлган. Бу ҳақда «Корреспондент.net» БМТ бош котиби Пан Ги Мун маълумотига таяниб хабар беради.
2 ноябрь, душанба куни Халқаро журналистларга қарши жиноятлар учун жазосиз қолишни тугатиш куни муносабати билан чиқишида, Пан Ги Мун бундай жазосиз қолишга чек қўйиш ва ОАВ ходимларининг ҳақиқатни гапириш ҳуқуқини таъминлашга чақирди.
«Охирги ўн йил ичида 700 дан ортиқ журналист, яъни ҳар беш кунда бир нафардан журналист бор-ёғи жамиятга янгилик ва маълумотларни етказганлиги учун ўлдирилган. Улардан кўпчилиги қуролли можароларни ёритиш давомида ҳалок бўлган. Бироқ аксарияти ҳақиқатни ошкор қилмаслиги учун мақсадли равишда сукут сақлашга мажбур қилинган», — дейди БМТ бош котиби.
Унинг сўзларига қараганда, ўнта шу каби қотилликдан фақат биттаси бўйича тўлиқ суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Журналистлар ўз ҳаёти учун қўрққанлигидан, ўз-ўзини цензура қилиш билан шуғулланмаслиги керак», — деб таъкидлади Пан Ги Мун.
Изоҳ (0)