Қамоқхонадан қочишни ташкиллаштириш ва чет эл разведкалари фойдасига жосуслик қилишда айбланаётган Муҳаммад Мурсийнинг иши юзасидан суд жараёни 9 ноябрга қолдирилди. Бу ҳақда «Коммерсант.ru» хабар беради.
Миср прокуратураси вакилининг маълум қилишича, бунга учиш учун ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган. Унинг таъкидлашича, ноқулай об-ҳаво туфайли собиқ президентни судга етказиши лозим бўлган самолётнинг ҳавога кўтарилиш ва Миср пойтахтига учиб келиш имкони бўлмаган.
Ҳозирда айбланувчи Александрия шаҳри яқинидаги «Бург ал-Араб» қамоқхонасида бўлиб, ундан суд жараёни ўтказиладиган Қоҳирагача масофа 250 километрни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, Миср собиқ президенти Муҳаммад Мурсий ва «Мусулмон биродарлар» ташкилотининг 105 нафар тарафдори ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Бироқ мамлакат қонунчилигига мувофиқ, ушбу ҳукмни Миср олий муфтийси тасдиқлаб бериши керак.
Изоҳ (0)