Яқинда мактабида террорчи сифатида гумон қилиниб, қўлга олинган техаслик ўсмир Аҳмад Муҳаммад 19 октябрь, душанба куни Оқ уйнинг ҳурматли меҳмонларидан бири бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
У АҚШ президенти Барак Обаманинг таклифига асосан тенгдошлари билан «Астрономик кечада» қатнашиш учун Вашингтонга келди. Бу тадбир америкалик талабалар ва мактаб ўқувчиларида фан-техникага нисбатан қўшимча қизиқиш уйғотиш учун икки йилдан бери Оқ уйнинг жанубий майсазорида ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Техас штатининг (АҚШ) Ирвинг шаҳрида жойлашган мактабнинг 9-синф ўқувчиси, 14 ёшли Аҳмад Муҳаммад ўқитувчиларининг шикоятидан сўнг, гўёки қўлбола бомба тайёрлагани учун полиция бўлимига олиб кетилган эди. Аҳмад бор-йўғи турли буюмларни ясашни яхши кўрган ва ўзи тайёрлаган қўлбола соатни ўқитувчиларига кўрсатиш учун мактабига келтирган. Шундан сўнг АҚШ президенти Барак Обама Аҳмадни «қойилмақом соат» ясагани учун мақтаб, уни Оқ уйга олиб келишини сўраган эди.
Изоҳ (0)