14 октябрдан бошлаб Россиянинг Биринчи канали бадиий гимнастикага бағишланган кўрсатувни суратга ола бошлайди. Шоунинг бошловчиси 2004 йилги олимпиада чемпиони, икки карра мутлоқ жаҳон чемпиони Алина Кабаева бўлиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Бутунроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти, Россия термаси бош мураббийи Ирина Винер-Усмонова маълумотига таяниб «Р-Спорт» хабар берди.
«Суғуртасиз» деб номланувчи шоу Биринчи каналда намойиш этилган «Музлик даври» лойиҳасини эслатади. «Шоуда бадиий гимнастика бўйича машқлар бажарилади. Мен эса жюрилар сафида ўтираман. Жуда қизиқарли лойиҳа бўлади», — деб таъкидлади Винер-Усмонова.
Унинг сўзларига қараганда, Кабаеванинг шоуда бошловчи сифатида қатнашиши ҳақида режалар мавжуд, бироқ бирор келишув тузилганлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, яқинда ижтимоий тармоқларда камида ўн килограммга озиб қолган Алина Кабаева суратлари пайдо бўлган эди.
Изоҳ (0)