Европа Иттифоқининг беш мамлакати — Франция, Германия, Италия, Испания ва Буюк Британия, шунингдек, АҚШ БМТ лойиҳаси асосида тузилган Ливия миллий бирдамлик ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирди. Reuters’нинг ушбу давлатлар ҳукуматлари қўшма баёнотига асосланиб хабар беришича, Ливиядаги мазкур тузумга қаршилар ажратиб қўйилади.
Олти давлат ҳукуматлари барча ливияликлар, шунингдек, сиёсий партияларни мазкур келишувни қўллаб-қувватлашга чақирди. «Миллий бирдамлик ҳукуматини шакллантиришда сусткашликка йўл қўйиш Ливия фуқароларига қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқаради, айни вақтда, мамлакатдаги бетартибликдан фойдаланиб қолишга уринаётган террорчилар фойдасига ишлайди», — дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, халқаро ҳамжамият «Ливияда тинчлик ва барқарорликни қайта тиклаш бўйича машаққатли йўлни» босиб ўтиши керак бўлган янги ҳукуматни қўллайди. Баёнот матнида, шунингдек, мамлакатга қурол фақатгина ҳукумат сўровига асосан олиб кирилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
БМТ махсус вакили Бернардино Леон Ливия миллий бирдамлик ҳукуматига Фаёз Сарраж раҳбарлик қилишини 9 октябрь куни маълум қилганди. Аҳмад Мейтиг, Фатхи Межбарий ва Муса ал-Куний эса бош вазир ўринбосарлари сифатида ишлайди. Ҳукумат мазкур таркибда бир йилгача фаолият олиб боради.
22 сентябрь куни Леон Триполи (мамлакат ғарбида) ва Тобрук (шарқда) ўртасидаги тинчлик келишувининг якуний матни тайёрланганини маълум қилганди — ушбу шаҳарларда икки турли Ливия ҳукумати фаолият олиб бораётганди. Матн низолашаётган томонларга тақдим этилди. БМТ махсус вакили 18 сентябрь куни Ливиядаги асосий қарама-қарши кучларни ягона парламент тузишга кўндира олганини эълон қилганди.
Ливиядаги парчаланиш 2011 йили — мамлакат етакчиси Муаммар Каддафи ағдариб ташланиб, ўлдирилганидан сўнг бошланган эди. Ливия икки лагерга бўлинди, қабилаларнинг бирлашмалари, қуролланган гуруҳлар, диний ақидапарастларнинг назорати остидаги алоҳида туманлар эса амалда мустақиллигича қолмоқда.