Европа футбол ассоциациялари уюшмаси (УЕФА) раиси Мишель Платини Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти этиб сайланмаган тақдирда уюшма раҳбарлиги учун навбатдаги муҳлатга ўз номзодини қўймайди. Бу ҳақда у Европада футбол мавсуми бошланишига бағишланган Монакодаги матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Агар ФИФА президентлигига сайловларда ғалаба қозона олмасам, УЕФАдаги ушбу раҳбарлик муҳлатим охиргиси бўлади», — дея таъкидлаган Платини. 2015 йил мартида у УЕФА президентлигига учинчи тўрт йиллик муҳлатга сайланган, 29 июлда эса ФИФА президентлигига номзодини қўйган эди.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА раҳбарлиги учун навбатдан ташқари сайловлар 2016 йил, 26 февраль куни бўлиб ўтади.