Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўзининг Афғонистонга расмий ташрифи доирасида Қобулда Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Turkmenistan: altyn asyr» электрон газетаси.
Музокаралар жараёнида Туркманистон—Афғонистон—Покистон—Ҳиндистон газ қувури ва Туркманистон—Афғонистон—Тожикистон темир йўли қурилиши, Афғонистоннинг шимолий вилоятларига Туркманистон томонидан электр энергиясини етказиб берилиши сингари масалалар муҳокама қилинди.Президентларнинг учрашуви иккала мамлакатнинг кенгайтирилган делегациялари иштирокида давом этди. Музокаралар якунида иккала мамлакат ўртасида террорчиликка қарши кураш, энергетика, спорт, фан, технологиялар, савдо ва иқтисодиёт соҳаларида шартномалар имзоланди. Президентларнинг қўшма баёноти ҳам эълон қилинди.
Шунингдек, Гурбангули Бердимуҳаммедов Афғонистонга ташрифи давомида «Сепидар» саройида Афғонистон Ижро ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла билан, «Чор чинор» саройида Афғонистондаги туркманлар жамоаси вакиллари билан учрашди.
Изоҳ (0)