Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида минифутбол, волейбол, баскетбол ва теннис билан шуғулланишга мўлжалланган иккита замонавий спорт майдончаси фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
«Урганчтрансгаз» шўба корхонаси томонидан бунёд этилган майдончалар бу ерда меҳнат қилаётган 300 дан зиёд ишчининг мазмунли дам олиши ва бўш вақтини мароқли ўтказишига хизмат қилади.
– Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди «Урганчтрансгаз» шўба корхонаси хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Худойбергенова. – Янги спорт майдончалари корхонамиз тизимида кейинги йилларда бунёд этилган бешинчи шундай иншоотдир. Ташландиқ жойда яратилган бундай замонавий спорт майдончалари ишчи-хизматчиларимиз, айниқса, хотин-қизларга муносиб байрам совғаси бўлди.
Янги спорт майдончаларининг очилишига бағишланган тадбир доирасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Минифутбол бўйича тармоқ ходимлари ўртасида ўтказилган мусобақа йиғилганларда катта таассурот қолдирди. «Урганчтрансгаз» шўба корхонаси Қўнғирот газ тармоқлари бошқармасига Самарқандда ишлаб чиқарилган «Isuzu» автобуси берилди.
Изоҳ (0)