19 август куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошидаги Республика Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида умргузаронлик қилаётган меҳнат фахрийлари ва кексалар учун Самарқандга саёҳат ташкил қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ҳурматга сазовор кексалар туристлар учун мўлжалланган замонавий автобусда кўҳна шаҳарга етиб борди.
Қариялар, айниқса, Регистон майдонини обдон томоша қилдилар.
Учта катта мадраса — Тиллакори, Шердор ва Улуғбек мадрасалари комплекси билан ўралган майдонда турар экан, худди ўша замонларда Самарқанднинг асосий бозор майдони бўлган жойда турли томонлардан тужжорларнинг чақириқлари келгандек бўлди.
Республика Уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшовчи кексалар Темурийлар даври тарихи билан боғлиқ кўҳна шаҳар кўчаларини сайр қилиш баробарида Имом ал Бухорий мақбарасини ҳам зиёрат қилди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан тиклаб ободонлаштирилган ушбу тарихий-маданий комплекс уларни ҳам ҳайратда қолдирди.
Изоҳ (0)