Тошкентда кўчада қаровсиз қолган уйсиз отахон ҳақидаги хабар Facebook’даги «Потребитель.уз» гуруҳига қўйилганидан кейин 18 соат ичида қариялар уйига жойлаштирилди. Бу ҳақда Гуруҳ аъзолари маълум қилган.
Қайд этилишича, Олой бозори яқинидаги «Ипотека банк» филиалларидан бирида ўтирган отахон ҳақидаги хабар 12 август куни соат 18:00 дан кейин гуруҳга қўйилган. Бир соат ичида гуруҳ аъзолари бўлган собиқ қўшнилари уни таниб, эски маҳалласини топган. Тун бўлишига қарамай, маҳалла ўз архивларини очиб, отахоннинг исмини аниқлаштирган.
Шунингдек, отахоннинг бир қизи ва бир ўғли борлиги, қизи АҚШда, ўғли эса Россияда эканлиги аниқланган. Гуруҳ аъзолари ваколатли муассасаларга мурожаат қила бошлаган, бир неча аъзоси эса отахонга ўз уйидан жой беришни таклиф қилган. Бироқ отахон буни қатъиян рад этиб, қариялар уйига боришини айтган.
Эртасига эрталаб (13 август) Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги вазиятни тўлиқ назорат остига олганини маълум қилган. Кейинроқ, отахон қариялар уйига жойлаштирилгани, шунингдек, унинг ҳужжатлари расмийлаштирилаётгани маълум қилинган.
Изоҳ (0)