Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республика ҳукумати аъзолари, парламенти депутатлари, туманлар ва аҳоли пунктлари раҳбарлари, ИИВ раҳбарияти ва диний арбоблар билан учрашувда йўл ҳаракати қоидаларини бузувчилардан тегишли жаримани бир соат ичида тўлашни талаб қилди, деб хабар бермоқда Meduza.
Ушбу талаб бажарилмаса, қоидабузарнинг машинаси жарима майдончасига жўнатилади. Қоидабузар жарима тўлангани ҳақидаги квитанцияни бир сутка ичида тақдим этмаса, унинг автомобили сотувга қўйилади.
Чеченистонда ушбу йиғилиш чақирилишига 9 август куни Гудермес шаҳри яқинида «Кавказ» федерал трассасида содир бўлган йирик йўл-транспорт ҳодисаси сабаб бўлди. Йўлда тўртта машина тўқнашиши оқибатида 7 киши ҳалок бўлди, икки киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди.
Изоҳ (0)