2015 йил 16 июль куни «Дарё» нашрида «Наманганда милиция ходими пора олаётганда қўлга олинди» сарлавҳали ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотга эга хабар эълон қилинган.
Хабарда Наманган вилояти Уйчи тумани Ички ишлар бўлими профилактика инспектори пора олаётган вақтида Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олингани маълум қилинган.
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасидан «Дарё» таҳририятида келиб тушган мактубда айтилишича, хабарда ёритилган ҳолатга ўхшаш воқеа 2014 йил май ойида Уйчи туманида содир бўлган. Ушбу ҳолат бўйича Уйчи туман прокуратураси томонидан 2014 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 2014 йил 26 августда жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида собиқ ходим товламачилик жиноятини содир этганлиги ўз тасдиғини топиб, 165-модда 1-қисмига асосан жазо тайинланган. Айблов хулосасида, суд ҳукмида ва бошқа бирор манбада «пора» деган сўз ишлатилмаган, дейилади Наманган ИИБ мактубида.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда «Наманганда милиция ходими пора олаётганда қўлга олинди» сарлавҳали хабарга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
«Дарё» таҳририяти йўл қўйилган ноаниқликлар учун Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасидан узр сўрайди.
Изоҳ (0)