Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) 26 июлдан 2 августгача Тошкент халқаро аэропортининг янги йўловчи терминали (Тошкент—4) қурилишининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун дастлабки тадқиқотларни ўтказиш мақсадида мутахассислар гуруҳини жўнатди, деб хабар бермоқда «Газета.uz».
Гуруҳ ҳаво сиёсати, аэропортларни бошқариш, қурилиш, молия каби соҳалар бўйича мутахассислардан иборат бўлиб, маҳаллий шароитларни ўрганиш, лойиҳани амалга ошириш муддатларини, ҳажмини, вазифаларни ва зарур бюджетни аниқлаш мақсадида ташриф буюрди.
Ташриф давомида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК (лойиҳа бўйича асосий шерик), Иқтисодиёт ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Ўзбектуризм» миллий компанияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ва бошқа муассасалар билан учрашувлар ўтказди.
Гуруҳ материалларни дастлабки ўрганишни амалга ошириб, қизиқтирган саволлар бўйича муҳокамалар ўтказди. 2015 йил 1 август куни ўтказилган якуний йиғилишда протокол имзоланиб, натижалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовга маълумот берилди.
Жорий йилнинг сентябрь ойида ҳукуматлараро битим имзолангач, техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш лойиҳасининг ижрочилари танлаб олинади. Техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқишга келаси йил бошида киришилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)