«Ўзбекистон темир йўллари» 2016—2017 йилларда узунлиги 396,9 километр бўлган янги «Навоий—Конимех—Мискен» темир йўл йўналишини қуришни режалаштирмоқда, деб хабар берди «Gazeta.uz».
Ўзбекистон Президентининг 27 июлдаги қарорида айтилишича, янги йўналиш Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларининг, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг салоҳиятини тўлиқроқ ва самаралироқ ўзлаштириш учун қурилади.
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. 2016—2017 йилларга мўлжалланган қиймати 283,1 миллион долларлик биринчи босқичда тепловоз ёрдамида поездлар ҳаракатланиши учун темир йўл участкаси қурилади. Муддати ва қиймати кейинроқ эълон қилинадиган иккинчи босқичда эса Марказий Қизилқумдаги Қулжуқтов ва Ауминзатов тоғ-кон массивлари ресурсларини ўзлаштириш натижасида минтақа энергия билан таъминланиши инобатга олиниб, темир йўл электрлаштирилади.
Янги участка Мискен станциясида «Навоий—Учқудуқ—Султон Увайс тоғи—Нукус» йўналиши билан бирлашиб, шимолий йўналишда юк ташишни тезлаштириш имконини беради.
Изоҳ (0)