2015 йил март ойида Франция ҳудудида, Альп тоғларида ҳалокатга учраган Germanwings самолётида ҳалок бўлган ўнлаб йўловчиларнинг қариндошлари авакомпания томонидан таклиф этилган товон пулини олишдан бош тортди, деб хабар бермоқда Meduza.
Уларнинг адвокати сўзларига кўра, бундай қарорга қурбонларнинг оилалари товон пули миқдори етарли эмас, деб ҳисоблагани учун келган. Germanwings тегишли бўлган Lufthansa авиакомпанияси ҳар бир ҳалок бўлган йўловчи учун 25 минг евродан тўлашни, шунингдек, қурбонларнинг энг яқин қариндошларига яна 10 минг доллардан ажратишга тайёрлигини маълум қилган эди.
Адвокатнинг таъкидлашича, у товон пули миқдорини оширишдан ташқари қурбонларнинг компенсация тўланадиган яқин қариндошлари доирасини кенгайтиришга ҳам эришмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Испаниянинг Барселона шаҳридан Германиянинг Дюссельдорф шаҳрига йўл олган Germanwings авиакомпаниясининг самолёти Франция жанубида ҳалокатга учраган эди. Оқибатда 150 киши ҳалок бўлди. Текширув вақтида иккинчи учувчи Андреас Любиц самолётни атайин қулатгани маълум бўлди.
Изоҳ (0)