Белоруссия президентлигига номзодини қўйишни истаган 38 ёшли Юрий Шулган ўз номзоди учун имзо йиғувчи ташаббускор гуруҳни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига маст ҳолда келди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
«Ҳозиргача 12 киши ҳужжатларини топширди. 13 киши бўлиши мумкин эди, бироқ номзодлардан бири МСКга маст ҳолда келди», − деди комиссия котиби Николай Лозовик. Унинг сўзларига кўра, маст эркак спирт ҳиди ундан кечаги истеъмол туфайли келаётганини, бугун эса ҳушёр эканлигини тушунтиришга уринган. МСК милиция чақирган ва маст номзод олиб кетилган.
Қайд этилишича, Шулган Брест вилоятининг Мошковичи қишлоғида туғилган, мактабдан кейин Брест давлат университетига ўқишга кирган, бироқ ўқишдан ҳайдалган. 2002 йилдан буён Минскда яшайди. 15 йилдан буён расман ҳеч қаерда ишламайди. У 16 июль куни сайловолди пойгасидан чиқмоқчи эканлигини маълум қилган.
МСК ташаббускор гуруҳларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни 17 июль куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 гача қабул қилди. Ҳозирча улардан учтаси, жумладан амалдаги президент Александр Лукашенконинг гуруҳи рўйхатга олинди. Номзод бўлиш учун 100 мингта имзо тўплаш лозим. Сайлов 11 октябрга белгиланган.
Изоҳ (0)