Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида гўёки одамларни гаровга олган ва айбсиз кишиларни қамоқдан озод қилиш ҳамда самолёт талаб қилган эркак қўлга олинди, деб хабар беради «Knews.kg».
Уни қўлга олиш бўйича махсус операция бир ярим соат давом этиб, унга Жанубий Қозоғистон вилояти ИИБ раҳбари, генерал Аскар Оспанов бошчилик қилди. Маълум бўлишича, 23:30 да Миллий хавфсизлик қўмитаси Жанубий Қозоғистон вилояти бўлимининг навбатчилик қисмига номаълум эркак қўнғироқ қилган. У Чимкентдаги беш қаватли уйда бир неча кишини гаровга олганлигини, портовчи мослама ўрнатганини айтиб, манзилни маълум қилди ҳамда қўмита бўлимининг ходими билан музокара олиб боришни талаб қилди. Шунингдек у 100 минг доллар нақд пул, ҳисобига 200 миллион тенге, Ил-62 самолётини ва гўёки ноқонуний ҳукм қилинган уч кишини қамоқдан озод қилишни талаб қилди.
Мобил телефони орқали унинг шахси аниқланди. У бир жиноят иши бўйича гувоҳ сифатида қатнашаётган, 1963 йилда туғилган маҳаллий тадбиркор бўлиб чиқди.
Воқеа жойига етиб борган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи, махсус хизмат, Фавқулодда вазиятлар департаменти ва «Арлан» МХБ тезкор гуруҳи ходимлари томонидан тадбиркор қўлга олинди. Унга нисбатан ҚР ЖК «Террорчилик ҳаракати тўғрисида ёлғон хабар бериш» ҳақидаги 273-моддаси бўйича тергов ҳаракатлари бошланди.
Изоҳ (0)