Амалда бўлган ҳужжатларга мувофиқ, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг DVB-T рақамли форматда ретрансляция қилувчи 12 та миллий телеканаллари рақамли телевидениедан фойдаланувчилар учун очиқ бўлиши шарт. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилган.
Хусусан, «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Тошкент», «Спорт», «Оилавий», «Болажон», «Наво», «Маданият ва маърифат», «Диёр», «Дунё бўйлаб», «Кинотеатр» ва «Маҳалла» ижтимой телеканаллари рақамли телевидениедан фойдаланувчилар учун бепул ретрансляция қилинади.
Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар кўрсатишича, кўпгина провайдерлар кўрсатган хизматлари учун истеъмолчилар томонидан ҳақ тўланмаган ҳолларда, юқорида кўрсатилган 12 та бепул ретрансляция қилинувчи миллий телеканалларни ҳам ўчириш ҳолатларига йўл қўйган.
Таъкидлаш жоизки, «Uzdigital TV» МЧЖ абонентларининг ҳисоб рақамларида пул бўлмаган ҳолларда, провайдер фақат пуллик каналларни ўчириши, қолган 12 та бепул намойиш этиладиган ижтимоий телеканаллар ретрансляциясини давом эттириши шарт.
Шу муносабат билан, шунингдек истеъмолчиларнинг ҳуқуқларни ҳимоя қилиш мақсадида Давлат рақобат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига, кўрсатилган хизмат учун вақтида ҳақ тўланмаган ҳолларда, пуллик телеканаллар билан бир қаторда бепул ижтимоий телеканалларни ҳам ўчириб қўйиш ҳолатлари бўйича маълумот тақдим этиш тўғрисида хат билан мурожаат қилинди.
Ушбу ҳолат бўйича, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ўзбектелеком» АК, «Uzdigital TV» МЧЖ, «Макс Лайн» ва «Ўзбекистон Кабел Телевиденияси»га кўрсатилган хизматлар учун истеъмолчи томонидан ҳақ тўланмаган ҳолларда, юқорида кўрсатилган 12 та ижтимоий телеканалларни ретрансляция қилишни давом эттириш шартлиги тўғрисида хат юборилди.
Изоҳ (0)