АҚШнинг Огайо штати губернатори Жон Кейсич 21 июль куни мамлакат президенти сайловида Республикачилар партиясидан курашга киришишини эълон қилади, деб хабар бермоқда «ТАСС».
63 ёшли сиёсатчи бу ҳақида штат пойтахти Колумбус шаҳридаги Огайо университетида қиладиган чиқишда маълум қилиши кутилмоқда. Кейсич 2000 йилги президент сайловида ҳам қатнашиш истагини билдирган, бироқ омадсиз кампания туфайли курашдан чиққан. У 2010 йилдан буён Огайо штати губернатори лавозимида ишлаб келмоқда.
Ҳозиргача 2016 йилги президент сайловида қатнашиш истагини Республикачилар партиясидан сенаторлар Тед Круз, Рэнд Пол, Марко Рубио, Арканзас штати собиқ губернатори Майк Хакаби, собиқ сенатор Рик Санторум, Hewlett-Packard компанияси собиқ раҳбари Карли Фиорина, Флорида штати собиқ губернатори Жеб Буш ва миллиардер Дональд Трамп эълон қилган.
Нью-Жерси штати губернатори Крис Кристи бу ҳақда 30 июнь куни эълон қилиши кутилмоқда, Нью-Йорк штати собиқ губернатори Жорж Патаки эса яқин қариндоши касаллиги туфайли курашдан чиққанини эълон қилган. Айнан ким расмий номзод бўлиши масаласи 2016 йил 18−21 июль кунлари Кливлендда ўтказиладиган партия съездида ҳал қилинади.
Демократлар партиясидан эса АҚШнинг собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Род-Айленд штати собиқ губернатори Линкольн Чэффи ва Мэриленд штати собиқ губернатори Мартин О'Мэлли президентлик сайловида қатнашиш истагини билдирган. Бирор партияга аъзо бўлмаган Вермонт штатидан мустақил сенатор Бернард Сандерс ҳам Демократлар партиясидан курашга киришишини маълум қилган.
Изоҳ (0)