2006, 2009 ва 2013 йиллардаги ядро синовлари учун БМТ, Европа Иттифоқи ва АҚШнинг санкцияларига дучор бўлган КХДР ўзи учун ўта муҳим бўлган валюта тушумларини олишини ва маҳсулотларни экспорт қилишни турли махфий схемалар ёрдамида уддаламоқда, деб хабар берди «РБК».
Financial Times тадқиқоти натижаларига кўра, Шимолий Корея халқаро чекловлардан қочиш учун турли ноқонуний йўллардан фойдаланмоқда. Жумладан, БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳузуридаги қўмита Пхеньян Африка давлатларига фирмаларни рўйхатдан ўтказиш осон бўлган давлатлар байроқлари остида денгиз орқали қурол-яроғ сотганини аниқлаган. Қайд этилишича, КХДР компаниялари доимий равишда номларини, кемалари эса байроқларини алмаштириб туради.
Ноқонуний тижоратни назорат қилувчи «39-бошқарма» номли махфий ҳукумат ташкилоти аввал тўғридан-тўғри Ким Чен Ирга бўйсунган, унинг вафотидан кейин ҳозирги давлат раҳбари Ким Чен Инга бўйсунмоқда. 2010 йилда АҚШ ушбу ташкилотни санкциялар рўйхатига киритган.
Шунингдек, КХДР Гонконгнинг Queensway Group инвестиция гуруҳи ёрдамида ташқи дунё билан алоқа қилади. Хитой давлат компаниялари билан алоқаси борлиги айтилган ушбу корпорация 2006 йилда Шимолий Кореянинг KKG номли такси оператори билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Бундан ташқари, у Korea Daesong General Trading Corporation билан КХДРда турли соҳаларда ҳамкорлик қилиш бўйича шартномалар имзолаган. Лойиҳалар даромад келтирган, бироқ айнан қанча пул якунда Шимолий Кореяга тушгани маълум эмас.
Изоҳ (0)