Автомобиль двигателларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган GM Powertrain Uzbekistan заводига Asahi Shimbun газетаси вакиллари, япониялик журналист Хитоки Накагава ва унинг ёрдамчиси Татяна Крапивина ташриф буюрди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АК матбуот хизматига асослануб «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар берди.
Уларнинг ташрифидан кўзланган асосий мақсад иқтисодий ривожланиб бораётган замонавий Ўзбекистон Республикаси ва мамлакатда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, ҳукумат томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш ва футболни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида туркум мақолалар тайёрлашдан иборат.
Журналистлар учун ўтказилган давра суҳбатида Хитоки Накагава ва унинг ёрдамчиси завод фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди. Шунингдек, меҳмонларга «Ўзавтосаноат» АК ва тармоқдаги барча корхоналар ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этилди.
Ташриф сўнгида Хитоки Накагава кўрсатган эътибори учун ҳаммага ўз миннатдорчилигини билдирди ва Ўзбекистон автомобиль саноати билан кенгроқ танишиш учун келгусида албатта тармоқдаги барча ишлаб чиқариш заводларига ташриф буюриш истаги борлигини билдириб ўтди.
Изоҳ (0)