Давлат тест маркази тест саволларини чоп этиш, тарқатиш ва сотиш билан шуғулланаётган ташкилотларга нисбатан чора кўришни сўраб тегишли давлат органларига мурожаатлар қилинганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Uz24.uz».
Тест саволларидан фойдаланиш бўйича Давлат тест марказининг бирор бир ташкилот билан тижорат шартномаси мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига кириш тест синовлари учун фойдаланиладиган тест топшириқлари умумтаълим фанлари бўйича умумий ўрта таълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари ҳамда таълим соҳасидаги ваколатли давлат органлари томонидан тавсия этилган умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар муассасаларида амалда қўлланилаётган дарсликлар асосида фан экспертлари томонидан тузилади.
Абитуриентлар Давлат тест марказининг расмий www.dtm.uz сайтида эълон қилинган умумтаълим фанлари бўйича дарсликлар рўйхати билан танишиши ҳамда олий таълим муассасалари қабул тест синовларининг намунавий тест топшириқларидан онлайн тизимидан фойдаланган ҳолда ўз билимларини текшириб кўришлари мумкин.
Тест топшириқларининг махфийлигини таъминлаш Давлат тест марказининг ички тартиб-қоидаларига асосан амалга оширилади.
Шунингдек, тест топшириқларининг ошкор бўлганлиги ҳақида асосли маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда тегишли давлат органларига ҳамда Давлат тест марказига маълум қилиш сўралади.
Изоҳ (0)