Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида Жаҳон Банки Миссияси раҳбари Анри Фортен ва Халқаро Молия корпорациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Зафар Хошимов билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита расмий сайтида маълум қилинган.
Маълумки, жорий йилнинг 5 март куни давлат корхоналарини бошқариш тизимини ислоҳ этиш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтиришга бағишланган давра суҳбати, шунингдек Давлат рақобат қўмитаси раҳбариятини Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари жаноб Джунг Хун Чо ва Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорасиясининг бошқа экспертлари билан ўтказилган қатор учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сонли «Акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги ПҚ-2340-сонли Иқтисодиётда хусусий мулкчиликни улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори талабларидан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришда корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришда борасида биргаликда олиб бориладиган ишларни ташкил этиш бўйича Ҳаракатлар Режаси (Йўл харитаси) тайёрланган эди.
А. Фортен Миссия томонидан «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзкимёсаноат» ДАК, Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш Маркази, Марказий банк ҳузуридаги Молия секторини ривожлантириш Агентлиги, Олий бизнес мактабида Жаҳон банки томонидан кўрсатиладиган техник ёрдамнинг ҳажмини аниқлаш ва юқорида қайд этилган масалалар бўйича Ҳаракатлар режаси – Йўл харитасини охиригача ишлаб чиқиш бўйича бўлиб ўтган учрашувлар натижаларини гапириб берди. Бунда асосий эътибор, шунингдек 2015—2018 йилларда акциядорлик жамиятларини умум қабул қилинган халқаро стандартларга мувофиқ ҳар йилда молиявий ҳисоботларни чоп этиш ва ташқи аудитни ўтказишга ўтишига қаратилди.
А. Фортен шунингдек, Жаҳон Банки ва Халқаро Молия Корпорасияси энергетика ва кимё саноатида «синов» учун танланган «Ўзбекэнерго» ДАК ва «Ўзкимёсаноат» ДАК ишларни жадаллаштирилганини маълум қилди.
«Ўзбекэнерго» ДАК бўлиб ўтган муҳокамалар якунида кўрсатиладиган техник ёрдам даражаси белгиланди ҳамда худди шундай ёндашувни бошқа тармоқларда ҳам қўллаш механизмлари ва инструментлари ишлаб чиқилди.
Бўлиб ўтган учрашув давомида техник кўмак лойиҳасини молиялаш бўйича донор сифатида чиқиши мумкин бўлган халқаро ташкилотлар билан видео конференция ўтказилди.
Изоҳ (0)