Ҳиндистоннинг асосий сайёҳлик маркази бўлган Гоа штати ресторанлари менюсидан чўчқа гўшти олиб ташланмоқда, деб ёзади Meatinfo.
Бу Ҳиндистонда йил бошидан бери чиўчқа гриппи номини олган H1N1 вируси тарқалаётгани билан боғлиқдир. Ушбу касаллик туфайли фақатгина 2015 йилда мамлакатда 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Касалланганлар ва ҳалок бўлганларнинг катта қисми Ҳиндистон ғарбидаги Рожастон ва Гужарот штатларида қайд этилган бўлиб, Гоа ҳам ушбу штатларга анча яқин жойлашган.
Чўчқа гўштини истеъмол қилиш мақсадга қанчалик мувофиқлиги бир неча асрлардан буён турли баҳслар ва илмий тадқиқотлар мавзусига айланиб келмоқда.
Foru.ru маълумотига кўра, америкалик олимлар тажриба ўтказиб, қорамол, қўй ва чўчқа мушакларидан гўштда мавжуд бўладиган барча моддаларни ажратиб олган ва уларни бўрилуккак номли ўсимлик танасига киритган. Натижада қорамол ва қўй ҳайвонларининг гўштидаги моддалар ушбу экин ўсишига салбий таъсир қилмагани, худди шу технология орқали чўчқа гўштидан олинган модда эса ўсимлик учун заҳарли бўлиб чиққани маълум бўлган.
Чўчқа гўшти секин ҳазм бўлади, шунинг учун ичакларда суткалаб қолиб кетиши, бу эса меъда-ичак тизимининг сурункали касалликларига олиб келиши мумкин. Ҳуснбузар, чипқон ва шишлар кўпинча чўчқа гўштини истеъмол қилувчиларда учрайди, деб ёзади нашр.
Чўчқа гўшти ўз-ўзидан ҳаддан ташқари ёғли бўлади. Fithacker сайтининг ёзишича, ҳаттоки салосиз чўчқа гўшти деб аталадиган турида ҳам қорамол ва қўй гўштидан фарқли равишда ёғ ҳужайралари шаклида катта миқдордаги ёғ бўлади. Умуман олганда, қўй гўштида ёғ ҳужайралари чўчқа гўштидагидан кўра анча кам бўлади.
Ёғлардан ташқари кўп миқдорда углевод ва оқсилларга ҳам эга бўлган чўчқа гўшти кўп истеъмол қилинса, ёғлар тўпланиб, семириш учун шароит ҳосил бўлади.
Ичакларда чириб, айниш ва ғулғулани келтириб чиқарадиган чўчқа гўшти қонни заҳарлайди. Нафақат чўчқа, балки тўнғиз гўштини ҳам истеъмол қилиш трихинеллёз номли оғир касалликни келтириб чиқаради. Бу касалликка фақатгина чўчқа организмида яшайдиган трихинелла номли паразит сабаб бўлади.
Касалланган чўчқа гўшти истеъмол қилинганидан 2−3 ҳафта ўтиб трихинеллёз касаллиги бошланади. Бунда тана ҳарорати юқори даражага кўтарилади, кучли бош оғриғи ва мушакларда оғриқ пайдо бўлади, меъда-ичак тизими бузилиши, юрак-томир фаолияти бузилиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, иситма кузатилади. Касалликнинг энг асосий белгиларидан бири эса юз шишиб кетиши, айниқса қовоқлар шишиб, баъзида кўз ёриқларининг тўлиқ ёпилиши бўлади. Шунинг учун ҳам бу касаллик халқ орасида «шиш» деб аталади.
Ушбу касалликни қўзғатувчи бўлмиш чўчқа гўштида яшовчи трихинеллалар ташқи таъсирларга анча бардошли эканлигини билиш жуда муҳим. Улар ҳаттоки —10 даражада музлаган гўштда ҳам яшай олади. Бир пайтлар трихинелла жуда паст (—35°) ва жуда юқори (+100°) ҳароратда ҳалок бўлади деб ҳисобланган. Бироқ замонавий тадқиқотлар трихинелла личинкаларини гўштда умуман йўқотиб бўлмаслигини, шу боис бундай тавсиялар бутунлай самарасиз эканлигини исботлади.
Трихинелла личинкалари учун тузлаш ва дудлаш ҳам, юқори ва қуйи ҳароратдаги ҳар қандай қайта ишлаш ҳам қўрқинчли эмас. Сотувга чиқариладиган чўчқа гўшти трихинеллёз текширувидан ўтказилиса-да, бу касалликдан бутунлай кафолатламайди. Мисол сифатида бир йил аввал Москвада ушбу касаллик тарқалиб кетганини келтириш мумкин, деб ёзади «Neboleem.org».
«Webzdrav.ru»нинг ёзишича, чўчқа гўшти таркибида тромбофлебит, аппендицит ва ўт қопи касалликлари ривожланишига сабаб бўлувчи гистамин моддасининг катта миқдорда мавжудлиги билан ҳам зарарлидир.
Шунингдек, гистамин туфайли фурункулёз (чипқон), карбункул (кўк яра), эшак эми, дерматит (тери яллиғланиши), экзема (чилла яра), нейродермит, дерматоз сингари тери касалликлари келиб чиқиши мумкин. Муаллифларнинг фикрича, бундай касалликларга дучор бўлмасликнинг ягона усули — чўчқа гўштини истеъмол қилмаслик бўлади.
Изоҳ (0)