«Соғлом авлод учун» халқаро нодавлат хайрия жамғармасида AmeriCares халқаро ташкилотининг глобал ҳамкорлик бўлими Евроосиё ишлари бўйича менежери Дмитрий Попов билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Жаҳон» ахборот агентлиги.
«Ўзбекистонга ташрифимдан асосий мақсад ‘Соғлом авлод учун’ жамғармаси ва ташкилотимизнинг қўшма дастурлари мониторингини ўтказишдир. Ҳозирда тузилмаларимиз самарали ҳамкорлик қилмоқда. Биргина 2014 йилнинг ўзида Ўзбекистонга 22 та гуманитар юк етказилди. Айни пайтда янги лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Toms Shoes компанияси Ўзбекистонга Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун 46,5 минг жуфт ёзги ва қишки оёқ кийимларни жўнатишни режалаштиряпти. 2015 йил Ўзбекистонда кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилингани муносабати билан кексалар учун 1000 дан ортиқ ногиронлик аравачаларини жўнатмоқчимиз», − деди Попов.
Қайд этилишича, истиқболда дори воситаларини етказиб бериш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ташкилотнинг Евроосиё минтақасидаги энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади ва келажакда бу ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр.
Изоҳ (0)