3—4 июнь кунлари Қирғизистондаги Иссиқкўл соҳилида бўлиб ўтадиган МДҲ Мудофаа вазирлари кенгашида 2016 йилда биргаликдаги ҳарбий йиғинларни ўтказиш режалари муҳокама қилинади, деб хабар бермоқда «Review.uz».
«Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда саккиз давлатдан ҳарбий делегациялар, шунингдек Мудофаа вазирлари кенгаши котибияти ва МДҲ ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этади. Йиғилишда 15 дан ортиқ масала муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда», — деди Қирғизистон Мудофаа вазирлиги вакили.
Мудофаа вазирлари кенгаши ишида Арманистон, Белоруссия, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон мудофаа вазирлари иштирок этиши режалаштирилган. Молдова ва Туркманистон мудофаа вазирлари кузатувчи сифатида ташриф буюриши кутилмоқда.
Кўриб чиқиладиган масалалар орасида халқаро армия ўйинларини ўтказиш, МДҲ давлатлари Қуролли кучлари парвозлари хавфсизлиги ҳолати, Бирлашган ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими қўшинларининг «Жанговар ҳамдўстлик 2015» қўшма йиғинларини ўтказиш, шунингдек, ОТМ курсантларининг халқаро олимпиадасини ташкиллаштириш кабилар бор.
Изоҳ (0)