Бухорода ўтказилган ипак ва зираворлар фестивалида Ўзбекистоннинг барча вилоятиларидан келган ҳунармандлар ўз маҳсулотларини намойиш этди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Вилоят ҳокимлиги, «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг вилоят минтақавий бўлими, «Ҳунарманд» уюшмаси вилоят бошқармаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида сайёҳлик соҳасини ривожлантириш, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самара бераётгани алоҳида таъкидланди.
Ипак ва зираворлар фестивали ҳам миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва тарғиб қилиш, ҳунармандлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда туризмни янада равнақ топтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган кўҳна Бухорода қадимдан илм-фан, ҳунармандлик ва савдо-сотиқ ривожланган. Ғарбу Шарқ ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган шаҳардан дунёнинг турли мамлакатларидан йўлга чиққан карвонлар ўтган. Бухоро ҳунармандлари яратган гиламлар, ипак матолар, заргарлик ва зардўзлик буюмлари, сопол идишлар халқаро бозорда харидоргир бўлган. Фестиваль ана шу тарихий воқеликни гавдалантирувчи «Мўъжизалар карвони» номли театрлаштирилган томоша билан бошланди. Кўҳна Арк қалъасидан Лабиҳовуз мажмуаси томон карвонлар йўл олди.
Лабиҳовуз мажмуасида ўтказилган фестивалнинг очилиш маросимида хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпуси вакиллари, Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Европа учун минтақавий дастури вакили Бека Жакели, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат иштирок этди.
– Фестивальга қизиқувчилар сафи йилдан йилга кенгаймоқда, – дейди «Ҳунарманд» уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Акбар Муҳамедов. – Унда юртимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек, бир қатор хорижий мамлакатлар ҳунармандлари ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Лабиҳовуз мажмуаси ва унга туташ майдонларда мамлакатимиз ва хорижлик ҳунармандларнинг ипак маҳсулотлари ва зираворлар, гиёҳлардан тайёрланган шифобахш дармондорилар кўргазма-савдоси ўтказилди. Бухоро рассомлик ва миниатюра, заргарлик, зардўзлик, мис-кандакорлик, темирчилик, гиламчилик ва Ғиждувон кулолчилик мактаблари усталарининг маҳорат дарслари ташкил этилди.
– Уч кундан буён Бухородаман, – дейди франциялик сайёҳ Мишель Линен. – Қадимий бу шаҳарга аввал ҳам келганман. Шу вақт ичида бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларидан ҳайратдаман. Таассуротларим бир олам. Айниқса, тарихий меъморчилик обидалари бетакрорлиги билан ҳар қандай кишини мафтун этади. Фестивальда намойиш этилган ҳунармандлик маҳсулотлари, миллий урф-одатлар, рақслар, фолклор қўшиқлари ғоят ўзига хос ва жозибадор. Миллий либослар, ипакдан тайёрланган матолар ҳунармандликни санъат даражасига кўтарган усталарнинг маҳоратидан далолат беради.
Фестивальда барча вилоятлар фолклор-этнографик жамоалари ўз дастурларини намойиш этди. Миллий спорт мусобақалари, халқ ўйинлари, айниқса, полвонларнинг чиқишлари иштирокчиларга манзур бўлди. Палов пишириш бўйича ошпазлар кўрик-танлови ўтказилди.
– Ўзбек палови ҳақида кўп эшитганман, – дейди Перудан келган сайёҳ Луис Манселло. – Бугун уни илк бор татиб кўрдим. Жуда мазали экан. Фолклор жамоалари чиқишида бошқа мамлакатлар сайёҳлари ҳам рақсга тушди. Миллий қадриятларга йўғрилган санъат сеҳри тили ва дини турли хил бўлган халқларни бирлаштиришига гувоҳ бўлдим. Буларнинг барчаси юртингизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик туфайлидир. Буни одамларнинг юз-кўзидаги хотиржамликдан ҳам сезиш мумкин. Очиғи, жуда ҳавасим келди. Қанийди, бутун дунё шундай тинч ва одамлар шундай хотиржам бўлса?!
Фестиваль доирасида Ўзбекистон тарихига оид фильмлар, замонавий ва миллий анъаналар мужассамлашган либослар коллекциялари намойиш этилди. «Буюк ипак йўлининг муҳим бўғини ҳисобланган Бухорони халқаро туризм марказларидан бирига айлантиришнинг истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)