Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тасарруфидаги ногирон болалар учун 6 та Мурувват интернат уйларида 1,5 минг нафардан зиёд ногирон болалар давлат таъминотига олинган бўлиб, ушбу Мурувват интернат уйлари ўртасида спорт мусобақаларининг республика босқичи юқори савияда ўтказилмоқда. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.
2004 йилдан буён болалар «Мурувват» интернат уйларида тарбияланаётган ногирон болалар ўртасида спорт ўйинларини ўтказиб келинмоқда. Бундан асосий мақсад ногирон болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ва ногиронлар спортини ривожлантиришдир. Бу билан ногирон болаларнинг жисмоний ва руҳий ривожида ижобий ўзгаришларга эришилмоқда ҳамда уларнинг жамиятга интеграцияси кучаймоқда.
Ногирон болаларни ўз иқтидорлари ва қобилиятларини намоён қилиш, ҳаётий кўникмаларни шакллантириш, таълим-тарбия, ўқиш, касб эгаллаш ҳамда жамиятда ўз ўринларини топиш учун кенг имкониятлар яратилган.
Байрам тадбири арафасида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган 948 нафар имконияти чекланган фуқаролар ногиронлар аравачаси, 561 нафари эшитиш мосламаси, 971 нафари хасса ва 491 нафари қўлтиқтаёқ билан таъминланди.
Спорт ўйинларида Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридан болалар «Мурувват» интернат уйлари тарбияланувчилари, жами 6 та жамоа (75 нафар ногирон бола) қатнашмоқда.
Спорт мусобақаларининг республика босқичида иштирок этаётган 75 нафар ногирон болаларга Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан медаль ва фахрий ёрлиқлар ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ногирон болалар ўртасида спорт ўйинларига ўзларининг муносиб совғалари билан келган ҳамкорлар – Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акциядорлик компанияси, Ўзбекистон «Камолот» ёшлари ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, «Соғлом авлод учун» хайрия жамғармаси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари алоҳида жонбозлик кўрсатишди.
Изоҳ (0)