«Ўзэкспомарказ» павильонларида 27 май куни «Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan – 2015» халқаро кўргазмаси очилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси, Савдо-саноат палатаси, «Осиё рамзи» Ўзбекистон моделерлар ва дизайнерлар уюшмаси кўмагида ITE Uzbekistan халқаро кўргазма компанияси ва ITE компаниялари гуруҳи томонидан ташкил этилди.
«Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси I.Ҳайдаров ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тўқимачилик ва енгил саноатда энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган янги қувватларни ишга тушириш, мавжуд корхоналарни техник ва технологик янгилаш, модернизация қилиш, ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тармоқни янада ривожлантириш ҳамда унинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Анъанавий ўтказиб келинаётган «Тўқимачилик саноати – Textile Expo Uzbekistan» халқаро кўргазмаси Ўзбекистон тўқимачилик ва енгил саноати салоҳияти ва ютуқларини кенг намойиш этиш, тармоқни янада тараққий эттириш бўйича халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хориж инвестициясини жалб этиш орқали истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай замин яратмоқда.
Бу галги форумда Ўзбекистон, Хитой, Япония, Ҳиндистон, Индонезия, Беларусь, Польша, Туркия, Латвия, Литва каби қатор давлатлардан етмишдан ортиқ компаниялар ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этаётир. Жаҳон тўқимачилик саноати мутахассислари ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлаётган ушбу кўргазма соҳанинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва истеъмолчиларини бир майдонга тўплаб, уларнинг енгил саноат ҳақидаги тасаввурларини янада кенгайтиришга, соҳада ўзаро ахборот ва тажриба алмашишга хизмат қилмоқда.
– Қарийб ўттиз йиллик тажрибага эга компаниямиз тўқимачилик ускуналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди Quanzhou Hengyi Machine компанияси директори Сао Жиинг (Хитой). – Биз Ўзбекистон корхоналари билан бир неча йилдан буён самарали ҳамкорлик қилиб келамиз. Мазкур кўргазмада тўқимачилик саноатида қўллаш қулай бўлган илғор технологияни намойиш этяпмиз. Ўзбекистонда бошқа соҳалар қатори енгил саноатнинг жадал ривожланиб бораётгани мамлакатингизнинг истиқболли бозорида ўз ўрнимизни янада кенгайтиришга қизиқишимизни оширмоқда.
Жаҳон бозорида талаб тобора ортиб бораётган Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари юксак сифати ва рақобатбардошлиги, халқаро андозаларга тўла мослиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Халқаро кўргазмада фаол иштирок этаётган мамлакатимиз корхоналари бу борадаги улкан салоҳиятни намойиш этган ҳолда турфа хилдаги экспозицияларни – ранг-баранг газламалар, ип-калава, трикотаж полотноси, катталар ва болалар кийимлари, паҳмоқ ва жинси маҳсулотлар, тайёр тикувчилик-трикотаж буюмларини таклиф этмоқда. Кўргазмада қатнашаётган истиқболли корхоналар сафида Alkim Textile, Uztex, Azalea Garment, Cotton Fashion, Feteks Textile Chemicals, Nortex Style, Osborn Textile, Sedat Triko Tashkent, Urganch Bahmal каби саноат муассасалари бор. Улар томонидан намойиш этилаётган маҳсулотлар барчанинг эътиборини тортмоқда.
– Компаниямиз ўз таркибида ўттиз корхонани жамлаган, – дейди Самарқанддаги Sharq Sanoat концерни раиси ўринбосари Аҳмад Эргашев. – Мазкур кўргазмада тўқимачилик саноатига ихтисослашган учта корхонамиз ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда. Корхоналаримиз энг замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган ва барча халқаро стандартларга жавоб беради. Трикотаж маҳсулотларимизнинг аксарияти экспорт қилинади. 2014 йилда жинси матолардан турфа кийимлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Уларга талаб ғоят юқори. Кўргазмада янги ҳамкорлар топиб, истиқболли шартномалар тузиш ниятидамиз.
Кўргазмада иштирок этаётган Беларусь компаниялари жун ва техник матолар, ип-газламалар, кийим-кечаклар, кимёвий толалар, полиэстр ва техник иплар каби маҳсулотларни тақдим этмоқда.
– Компаниямиз жун газлама ишлаб чиқариш билан шуғулланади, – дейди Kamvol компанияси бош директори Сергей Горовой (Беларусь). – Маҳсулотларимиздан мактаб формалари ва костюмлар тикиш қулай. Ўзбекистонлик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилиб келамиз. Ана шундай самарали ва муваффақиятли ҳамкорлик учун кенг йўл очиб берган, катта имтиёзлар ва имкониятлар яратиб берган Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирамиз. Мамлакатингиз компаниялари билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.
Ушбу халқаро кўргазма мамлакатимиз ва жаҳон тўқимачилик саноатида қўлга киритилаётган улкан ютуқларни намойиш этиши билан аҳамиятлидир. Бу енгил саноатни янада равнақ топтириш ва бу бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш баробарида соҳага оид талаб ва таклифларни ўрганиш, мамлакатимизга хориж сармоясини жалб этиш, чет эллик шериклар билан ҳамкорликда истиқболли қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)