Ўзбекистон ва Жанубий Корея Президентлари 28 май куни Сеулда ўтказилган музокаралар якунида иккала мамлакат ўртасида тўққизта ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Корея Республикаси Президенти расмий сайтида маълум қилинган.
Аввалроқ, Ислом Каримов ва Пак Кин Хэ томонидан давлат раҳбарларининг биргаликдаги декларацияси имзолангани хабар қилинган эди. UzDaily маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея бундан ташқари яна тўққизта ҳужжат имзолаган.
Жумладан, иккала мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари 2015—2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолади. Шунингдек, томонлар ижтимоий таъминот тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги меморандумни ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни имзолади.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея 11 та лойиҳани ўз ичига олган 2015—2017 йилларда KOICA орқали ҳамкорлик қилиш дастурини имзолади.
Ўзбекистон ва GS Engineering & Construction Corporation компанияси табиий газдан кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Лойиҳа қиймати 4,5 миллиард долларни ташкил этади.
Шунингдек, томонлар Жанубий Кореянинг Иқтисодий ривожланиш ҳамкорлиги жамғармаси (EDCF) орқали ҳамкорлик бўйича англашув меморандумини, EDCF маблағлари ҳисобига мактабларни ахборотлаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги лойиҳавий шартномани имзолади.
Бундан ташқари, томонлар ўртасида саноат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Корея Эксимбанки ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Изоҳ (0)