2007 йилда Хўжалик суди томонидан банкрот деб эълон қилинган Самарқанддаги «Нафис» ОАЖ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги «Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига ва 2008 йил 19 ноябрдаги «Иқтисодий ночор корхоналарни тижорат банкларига сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармойишига асосан 2009 йилда Акциядорлик тижорат «Алоқабанк» томонидан танлов савдоларида сотиб олинган эди.
Ишлаб чиқариш фаолиятини қайта тиклаш, уни техник ва технологик жиҳатдан модернизациялашни таъминлаш, ички ва ташқи бозоэларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида АТ «Алоқабанк» томонидан киритилган инвестиция маблағлари ҳисобига «Нафис» ОАЖнинг мулкий мажмуаси негизида чинни буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Асл нафис» МЧЖ ташкил этилди.
Ҳозирги кунда «Асл нафис» МЧЖга Франциянинг Societe CERINNOV Ceramik Innovation компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган бўлиб, ишлаб чиқариш фаолияти тўлиқ йўлга қўйилган.
Корхона иш юритувчиси Қодир Сувоновнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хомашёларнинг барчаси маҳаллий бўлиб, йилига 12 млн дона чинни буюмлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда 300 нафар янги ишчи ўринлари яратилган.
Ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида Хитой Халқ Республикасининг Zhongsheng yaolu Co., LTD компанияси билан музокаралар олиб борилди ҳамда АТ «Алоқабанк» томонидан қўшимча 7 миллиард сўм миқдорида ажратилган кредит маблағлари ҳисобига йиллик 15 миллион дона чинни буюмлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ускуналар сотиб олинди.
Ҳозирги кунда ушбу ускуналар тўлиқ келтирилган бўлиб, уларни хитойлик ҳамкорлар мутахассислари томонидан ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу қўшимча ишлаб чиқариш фаолиати жорий йилнинг август ойигача тўлиқ йўлга қўйилиши ҳамда қўшимча 200 нафар янги ишчи ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)