Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Microsoft корпорацияси билан ҳамкорликда самарали бошқарув соҳасида инновацион ечимларга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Семинарда бошқарув соҳасида замонавий ечимлар, ихтисослаштирилган локал ҳисоблаш тармоқлари ва маълумот узатиш каналларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, давлат бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида ахборот соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳага ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ва янада ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз ахборот ресурслари, тизимлари ва тармоқларини яқин келажакда ривожлантириш стратегияларини белгилашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Microsoft вакилларига Ўзбекистон Миллий ахборот-коммуникация тизимини жадал ривожлантириш самаралари хусусида маълумот берилди. Чунончи, жорий йилнинг биринчи чорагида тақдим этилган юқори технологияли хизматларнинг ўсиш суръати 24,7 фоизни ташкил қилгани қайд этилди. Юртимизда халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланишнинг умумий тезлиги секундига 19 Мбитдан ошди. Айни пайтда интернет операторлари ва провайдерлар учун тарифлар босқичма-босқич пасайтирилмоқда. Бу пировардида интернетдан фойдаланувчилар сонининг ўсишига олиб келаётир. Хусусан, жорий йилнинг бошида мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчилар 10,2 миллион кишига етди.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали жадал ривожланмоқда. Портал орқали фуқаролар ва тадбиркорларга 235 турдаги интерактив хизматлар кўрсатилаётир. Шунингдек, «E-XAT» идоралараро ҳимояланган электрон почта хизмати ҳам фаол ривожлантирилмоқда.
– Ўзбекистонда юқори технологиялар соҳасини ривожлантириш кўрсаткичлари билан танишдик, – деди Microsoft корпорациясининг Кавказорти, Марказий Осиё минтақалари, Мўғулистон, Беларусь ва Молдова бўйича бош директори Пилар Торрес. – Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани ҳар қанча эътирофга муносибдир. Компаниямиз Ўзбекистонда юқори технологиялар соҳасини янада ривожлантириш, жумладан, турли тармоқлар ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида ўзбекистонлик шериклар билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш ниятида.
Семинарда Microsoft вакиллари давлат активларини самарали бошқариш, давлат сектори учун дастурий ишланмалар бўйича корпорация тажрибаси хусусида сўзлаб берди.
Изоҳ (0)