17 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида «Ўзбек маданияти куни» муносабати билан Proart Center of Performing Arts компанияси ҳамда унинг Истанбул шаҳридаги ваколатхонаси Proarts Istanbul ва «Ўзбегим» миллий таомлари ресторани ҳамкорлигида катта концерт дастури бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Popcorn.uz».
Бу учрашув улкан кемада тўрт соат мобайнида давом этиб, унда ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузи Райҳон ҳамда жонли ижродаги хонишлари билан қалбларни ларзага келтирувчи хонанда Жаҳонгир Отажонов ўзларининг дилтортар ва рақсга чорловчи тароналари ила туркиялик мухлисларини хушнуд этди.
Концерт дастур режасига кўра, ўзбек миллий садолари остида бошланди. Хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг хит тароналари томошабинларни ўзига жалб этиб, хоразмча куй қўшиқларга рақсга тушди. Айниқса, «Оқ булутлар» таронасини мухлислар жўрликда ижро этишгани хонандани янада руҳлантирди.
Орадаги танаффусларда истеъдодли ва маҳоратли дизайнерлар Дилдора Қосимова, Бекзод Саидов ҳамда Ирода Ризаевалар ўз либослари намойишини тақдим этди. Замонавий бичимдаги миллийлик билан уйғунлаштирилган, атлас ва адрас матоларидан тикилган бежирим либослар барчани ҳайратлантирди.
Эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Райҳон куйлаганида эса меҳмонларнинг қувончи ичига сиғмай деярли барча қўшиқларини биргаликда жўр бўлиб куйлаб олқишлади. Бетакрор овоз соҳибаси Райҳон кутилмаганда турк тилида қўшиқ ижро этгани томошабинларга янада хуш ёқди.
Концерт дастурларини бошловчилар Нилуфар Сотиболдиева ҳамда Доғукан Эрдем Кутлу очиб берди. Мазкур концерт дастурида Ўзбекистондан бир қатор санъат фидоийлари, шунингдек, «Ўзбекнаво» Эстрада бирлашмасидан Одил Абдуғаниевич ҳам дастур меҳмони бўлди. Қолаверса, тадбир сўнгида Дж Акром ўзининг Eastern disco деб номланган кичик дастурини ҳам тақдим этди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур дўстона учрашув улкан кемада, ўзбек эстрадасининг ёрқин ижодкорлари, дизайнерлари, миллий таомлари тортилган дастурхон ҳамда мовий осмон-у, денгиз билан уйғунлашиб, кўпчиликнинг хотирасида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Изоҳ (0)