Россиянинг Челябинск шаҳрида Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин эгаллаган Таэквондонинг WTF йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар томонидан қўлга киритилган улкан муваффақиятларни тарихий воқеалар сирасига киритиш мумкин, деб ёзади Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот маркази.
Эътиборлиси, дунёнинг 140 дан зиёд давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур йирик спорт мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та олтин ва 2 та кумуш медалга сазовор бўлди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур жаҳон чемпионатида иштирок этган 140 дан ортиқ давлатдан фақатгина 30 давлат вакилларигагина совринли ўринларни эгаллаш насиб этди. Шундан ўнта давлат терма жамоалари жаҳон чемпионатининг олтин медалларини қўлга киритдилар. Қувонарлиси, улар орасидан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Дмитрий Шокин ҳам ўрин эгаллади.
Эътиборлиси, мана шундай юксак шарафга эришиш учун яна икки нафар юртдошимиз жуда яқин келишди. Финалга қадар кечган беллашувларни ўз фойдасига ҳал қилишга муваффақ бўлган Никита Рафалович (-74 кг) ва Жасур Бойқўзиев (-87 кг) жаҳон чемпионатининг кумуш медаллари билан тақдирланишди.
Мана шундай юксак натижаларни қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент халқаро аэропортида катта тантана ва шоду-хуррамлик билан қарши олиндилар. Ғолиб спортчиларимизни кутиб олиш учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Таэквондо (WTF) ассоциацияси раҳбарияти, ОАВлари ходимлари, спортчиларнинг оила аъзолари, дўстлари пешвоз чиқдилар.
Маълумот учун, дунёнинг 140 дан зиёд давлати вакиллари иштирокида ўтаётган мазкур йирик спорт мусобақасида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да бўлиб ўтадиган ХXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналди. Мазкур жаҳон чемпионатига қадар ўзбекистонлик спортчилар (Эдуард Хегай ва Акмал Эргашев) фақатгина икки бор жаҳон чемпионатининг кумуш медаллари билан тақдирланган эди.
Изоҳ (0)