Жори йилнинг 15−16 май кунлари Халқ таълими вазирлиги томонидан умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги «Ҳуқуқ билимдонлари» республика танловининг якуний босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур танлов Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан хамкорликда ташкил этилди. Ўтган йилдан буён ўтказилаётган танлов 3 босқичда ташкил этилиб келинмоқда. Жорий йилги танловнинг илк босқичида 48 695 нафар ўқувчилар иштирок этган бўлса, улардан 965 нафари иккинчи босқичга йўлланмани қўлга киритди. Якуний босқичда эса 70 нафар ўғил қиз ўзларининг билимларини синовдан ўтказдилар.
Тест ва савол-жавоб орқали жойлардан келган жамоалар ўзларининг билимларини намойиш этган бўлса, саҳна кўринишлари орқали ёшлар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва турли иллатларга қарши курашиш масалалрига алоҳида урғу бердилар.
Танлов натижаларига кўра Наманган вилоятининг «Ёш адвокатлар» жамоаси 3-ўрин, Бухоро вилоятининг «Адолат» гуруҳи иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, 1-ўринга Навоий вилоятидан ташриф буюрган «Юксак маънавиятли авлод» гуруҳи лойиқ деб топилди. Ғолибларга вазирликнинг дипломлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шунингдек, танлов иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Ўзбекистон тарихи давлат музейи фаолияти билан яқиндан таништирилди ҳамда Мустақиллик майдони бўйлаб саёҳатлари уюштирилди.
Изоҳ (0)