2015 йилнинг 18 май куни Брюссель шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар Вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Европа Комиссияси вице-президенти, ЕИнинг Энергетика иттифоқи масалалари бўйича комиссари Марош Шевчович билан учрашди, деб хабар бермоқда ТИВ матбуот хизмати.
Учашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил январь ойида Брюссель шаҳрига ташрифи доирасида имзоланган энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида ўзаро тушуниш тўғрисидаги Memoрандумни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат ушбу йўналишдаги ҳамкорликка янги туртки бўлди. Ҳозирги кунда қатор етакчи Европа компаниялари мамлакатимизда инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда ҳамда энергетика тизими объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш бўйича тендер жараёнларида иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда 2015−2019 йилларда энергетика соҳасини таркибий ўзгартириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича қиймати 38 млрд. АҚШ доллари бўлган 870 та йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган давлат дастури қабул қилинганлиги тўғрисида Европа томонига маълумот берилди.
Учрашувда баъзи минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Изоҳ (0)