«Бавария» «Камп Ноу»да йирик 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиб қайтганига қарамай, мюнхенликларнинг барча аъзолари жавоб ўйинида ижобий натижага эришиб, финал йўлланмасини қўлга киритишга ишонаётганини билдирганди, деб ёзади «Stadion.uz». Бунинг учун Гвардиола жамоаси каталонияликлар дарвозасига камида 3 та гол уриб, ҳеч бўлмаганда ўйинни қўшимча бўлимларга ўтказишлари талаб этиларди.
«Бавария» ҳақиқатан ҳам 3 та гол урди. Аммо улар бошқа шартни бажара олишмади. «Барселона» мезбонлар дарвозасини 2 марта ишғол қилишди.
Немислар ўйиннинг 6-дақиқасидаёқ бурчак зарбасидан кейин Бенатианинг голи орқали ўйинда кучли интригани юзага келтиришди. Улар шундан кейин босимни давом эттиришди. Бироқ баҳснинг 15-дақиқасида Неймар томонидан урилган гол янги «туғилган» интригани «бўғиб ўлдирди». Месси нозик пас билан Суаресни бирга бир вазиятга чиқарди. Аввалги ўйиндан хулоса қилган Луис ўзи зарба бермасдан Неймарни тўп билан таъминлади. Бразилиялик футболчи бўш дарвозани муаммосиз ишғол қилди.
Шундан кейин ҳам немислар руҳан синиб қолмади. Ҳужум ташкил қилишди, зарбалар берилди. Тер Штеген ўз ўрнида мустаҳкам ҳаракат қилди. Неймар томонидан киритилган иккинчи гол эса иродали немисларни ҳам руҳини туширди. Ҳимоячининг олис масофадан узатмасини майдон марказида Месси бош билан ортга уриб юборди ва Суарес яна бирга бир вазиятга қочиб кетди. Луис бу сафар ҳам ўзи зарба бермади ҳамда икки ҳимоячининг устидан ошириб, нариги қанотдан этиб келган бразилияликка пас берди. Неймарнинг зарбасини Нойер яқин бурчакдан ўтказиб юборди.
Биринчи бўлим тугашига 5 дақиқа қолганида эътиборга молик вазият юзага келди. Левандовски томонидан бирга бир вазиятда берилган зарбадан кейин тўп Тер Штегеннинг қўлига тегиб, дарвозага думалаб кираётганида, дарвозабоннинг ўзи тўпни чизиқ устида қайтариб юборди!
Иккинчи бўлимда «Барселона» шунчаки тўпни назорат қилишга ҳаракат қилди, аммо олдинга ўтмади. Энрике ҳам Суарес, Ракитич ва Инестани майдондан олиб, камроқ ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчиларга имконият берди. Мюнхенликлар эса иккинчи бўлимда 2 та вазиятни голга айлантира олди ва ҳисобни 3:2 га етказди. «Бавария»га эса яна 3 та гол керак эди.
«Бавария» охиригача курашди, аммо финалга ҳақли равишда «Барселона» чиқди. 6 июнь куни Берлинда бўладиган финалдаги каталонияликларнинг рақиби иккинчи ярим финалда аниқланади. Ё «Реал», ёки «Ювентус».
ЕЧЛ, ярим финал, жавоб ўйини
«Бавария» (Германия) – «Барселона» (Испания) 3:2 (1:2, 2:0)
Голлар: 1:0 – 7 Бенатия, 1:1 – 15 Неймар, 1:2 – 29 Неймар, 2:2 – 59 Левандовски, 3:2 – 74 Мюллер.
«Бавария» – Нойер, Боатенг, Бернат, Бенатия, Лам (Роде, 68), Алкантара, Хаби Алонсо, Рафиня, Швайнштайгер (Мартинес, 87), Мюллер (Гётце, 87), Левандовски.
«Барселона» – тер Штеген, Дани Алвес, Бускетс, Пике, Алба, Инеста (Хави, 75), Маскерано, Ракитич (Мате, 72), Неймар, Месси, Суарес (Педро, 46).
Огоҳлантиришлар: Рафиня (40), Алкантара (45), Ракитич (64), Левандовски (76), Хаби Алонсо (81), Роде (84), Педро (85).
Биринчи ўйин: 0:3
Изоҳ (0)