Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида шахмат бўйича «Nakhchivan Open-2015» фестивали қизғин давом этмоқда. Энг кучли иштирокчилар жам бўлган “A” гуруҳида 17-Жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик Рустам Қосимжонов ҳам бош соврин йўлида кураш олиб боряпти, деб хабар берди «Olamsport».
Гуруҳда биринчи рақамли иштирокчи сифатида қайд этилган Қосимжонов кеча ўтказилган 6-тур учрашувида ниҳоят ғалаба қозонди. Бу ҳамюртимизнинг олтинчи учрашувдаги иккинчи ғалабаси бўлди. Кеча шахматчимиз оқ доналарда озарбайжонлик Вугар Расуловни мағлубиятга учратди.
Олти имкониятдан тўрт очкога эга бўлиб турган юртдошимиз турнир жадвалида қўшимча кўрсаткичларга кўра 66 иштирокчи орасида 27-поғонадан 15-ўринга кўтарилиб олди. 11-поғонадан жой олган эронлик Амин Табатабайи ҳисобида ҳам 4 очко бор. Грузиялик гроссмейстер Леван Панцулая ва озарбайжонлик Элтаж Сафарли 5 тадан очко жамғариб, мусобақада қўшҳокимлик қилишяпти.
Бугун ўтказиладиган 7-турда Рустам Қосимжонов қора доналарда ўзи сингари 4 очкога эга бўлиб турган украиналик гроссмейстер Владимир Баклан билан муносабатларига ойдинлик киритиб олади.
Изоҳ (0)