Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Унда депутатлар, Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъул ходимлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари олимлари, Экоҳаракат фаоллари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Б.Алихонов, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси У.Муҳаммадиев ва бошқалар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификация қилиш ва аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашга қаратилганини, шунингдек, етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг халқаро бозордаги юксак рақобатбардошлигини таъминлашга йўналтирилганини таъкидлади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мавсумининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу мавсум янги кўкатлар табиий шароитда етиладиган март ойининг дастлабки кунларидан бошланиб, бутун йил мобайнида, бозорларга узум, қовун, хурмо ва беҳининг кечки навлари етказиб бериладиган декабрь ойининг бошига қадар давом этади. Улар бебаҳо истеъмол хусусиятлари, яъни таркибида табиий шакар, амино ва органик кислоталар, саломатлик учун муҳим бўлган микроэлементлар ва озиқ-овқат рационида ўрнини алмаштириб бўлмайдиган турли биологик моддаларга бойлиги билан бошқа минтақаларда етиштирилган ана шундай маҳсулотларга нисбатан юқори баҳоланади.
Ўзбекистонда шаклланган сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик принципларига асосланган. Бу генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан, жуда мазали таъмга ва истеъмол хусусиятларига эга бўлган экологик тоза мева ва сабзавотлар етиштириш имконини беради. Албатта, бунда мамлакатимиз селексионерларининг муносиб ҳиссаси бор. Zero, уларнинг изланишлари туфайли эрта, ўрта ва кечпишар сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ нави, мева ва резавор экинлар ҳамда узумнинг 175 янги нави яратилган.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йилларидаёқ озиқ-овқат хавфсизлигига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралганини қайд этиб, ўтган давр мобайнида соҳага оид мустаҳкам қонунчилик асослари яратилганини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида», «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида», «Уруғчилик тўғрисида», «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Ветеринария тўғрисида», «Давлат санитария назорати тўғрисида»ги ва бошқа қонунларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар билдирилди, ўзаро фикр алмашилди.