2015 йилнинг 1 май куни Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигида Америка қўшма штатларининг Ўзбекистондаги фавқулотда ва мухтор элчиси Памела Спратленнинг вазир Азиз Абдуҳакимов билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув чоғида Спратлен хонимга ижтимоий муҳофаза ва аҳолини иш билан таъминлаш борасида вазирлик томонидан олиб амалга оширилаётган ишлар, жумладан, ёши улуғ кексалар ва ногиронларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар, «Мурувват» ва «Саховат» уйларида яратилган шарт-шароитлар, уруш ва меҳнат фронти фаҳрийларига кўрсатилаётган соғломлаштириш ишлари, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун янги интерактив хизматларнинг яратилаётгани ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Учрашувда давлатимиз ҳукумати томонидан коллеж ва лицей битирувчиларини ишга жойлаштирилиши масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлаб ўтилди. Бу масалани ҳал этиш йўлида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси томонидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, мутахассисларни қайта тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш ва бошқа соҳаларга қаратилган тегишли дастур, хар йили қабул қилинади, ва ижро этилади.
Халқаро ташкилотлар билан алоқалар масаласига келганда, вазирлик Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон банки билан яқин ҳамкорлик қилаётгани таъкидланди. БМТнинг Tapaққиёт дастури доирасида вазирлик тизимида институционал ислоҳотлар ўтказиш ва вазирлик фаолиятининг вазифавий (функционал) таҳлили юзасидан тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ўз ўрнида мавжуд ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлайди ва натижада, аҳолига янада сифатлироқ ижтимоий хизмат кўрсатилишига замин яратади.
АҚШ элчиси Памела Спратлен ўз сўзида Ўзбекистон ҳукуматининг коллеж ва лицей битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратаётганидан бохабар эканини таъкидлади. Ҳамкорлик масаласида эса, ХМТ, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан узвий алоқа мавжудлиги ва Better Cotton Initiative дастурини амалга ошириш юзасидан музокаралар олиб борилаётгани, Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари соҳасида халқаро нормалар ва давлат томонидан ратификация қилинган конвенцияларга қаттиқ риоя қилинаётганини омили сифатида эътироф этилишини таъкидлади.
Спратлен хоним Ўзбекистонда юз бераётган мунтазам ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлардан АҚШ жамоатчилиги ва экспертларини хабардор этиш масаласида ёрдам кўрсатишга хайрихоҳлик билдирди. Элчи хоним АҚШ компаниялари икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларнинг янада ривожланиши истагида эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.
Учрашув сўнгида Памела Спратлен қабул учун миннаторчилик билдириб, келгусида янада сермаҳсул ҳамкорликка умид қилишини таъкидлади.