Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасида анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди. Ўнга яқин давлатдан 150 нафар ёш спортчи иштирок этган мазкур мусобақа маҳорат ва шижоат синовига айланди, деб хабар беради ЎзА.
46 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида мусобақани чорак финалдан бошлаган ўзбекистонлик ёш боксчи Ҳалимбек Ўтегенов аввалига мезбонлар вакилини, ярим финалда грузиялик, ҳал қилувчи жангда қозоғистонлик спортчини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Спортчимиз шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янгради.
Ҳалимбекнинг ғалабаси жамоадошларини руҳлантириб юборди. Вазни 50 килограммгача бўлган боксчилар баҳсида Муроджон Алиев, 54 килограммгача оғирликдаги спортчилар ўртасида Саиджамшид Жафаров ҳам рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва олтин медални қўлга киритди.
Ўзбекистоннинг ёш боксчиларидан Баҳодир Баротов, Фаррух Илҳомов ва Дилшод Рўзметов ўз вазн тоифасида кумуш медалга лойиқ топилди. Жаҳонгир Раҳмонов, Темур Мержанов, Яҳёхон Саидхонов ва Аббосхон Мирзаабдуллаев бронза медаль билан тақдирланди.
Халқаро турнирда учтадан олтин ва кумуш ҳамда тўртта бронза медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)