Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Мамажонов ўзининг навбатдаги жангини 22 май куни ўтказиши маълум бўлди. Мазкур жанг дунё бокс маркази ҳисобланган АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳридаги The D Hotel & Casino аренасида бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Ўн икки раундга мўлжалланган жангда Ўзбекистон вакили вакант бўлиб турган IBF Inter-Continental чемпионлик камари учун рингга кўтарилади. Рақиб эса жуда ҳам жиддий. Ганалик Ричард Коммей фаолияти давомида 21 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Нокаутлар сони 19 та. Коммей Британия империяси ҳамда IBF йўналишида Африка қитъаси чемпиони ҳисобланади.
Уч йилдан бери фаолиятини АҚШнинг Техас штати Хьюстон шаҳрида мураббий Кен Ричардсон қўл остида давом эттираётган Баҳодир Мамажонов эса 18 та жанг ўтказиб, шулардан 17 тасида зафар қучган. Фақат бир маротаба мағлубият аламини тотиб кўрган. Муддатидан аввал қозонилган ғалабалар сони 11 тани ташкил этади.
Коммей ўзининг сўнгги жангини шу йилнинг 14 март куни Жанубий Африка Республикаси вакили Томпсон Макванага қарши ўтказиб, еттинчи раундда рақибини нокаутга учратган эди.
Баҳодир Мамажонов эса ўзининг сўнгги жангида угандалик Осума Акабага қарши рингга кўтарилган. Ўтган йилнинг 22 август куни бўлиб ўтган жанг Огайо штатининг Коламбус шаҳрида ташкил этилган эди. Унда Ўзбекистон вакили рақибини очколар ҳисоби бўйича мағлубиятга учратганди.
Изоҳ (0)