Чирчиқ шаҳар суд-тиббий экспертиза бўлинмаси экспертининг иш юритувига бир фуқаро баданидаги тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизасини тайинлаш ҳақидаги қарор келиб тушди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» нашри.
Бу ишдан пул топишни мақсад қилган эксперт жабрланувчининг арзимаган жанжал туфайли ўзига тан жароҳати етказган қўшниси билан ўзаро келишиб олгани боис ўзим йиқилиб тушдим, деган гапига ишонмади.
Шундан сўнг, эксперт айбдорга қўнғироқ қилиб, унинг иши ёмон эканлиги, экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчига ўрта ёки оғир тан жароҳати етганлигини айтиб, қамалиб кетиши мумкинлигини айтди. Мутахассис гап орасида 1000 доллар эвазига ишни айбдор фойдасига ҳал қилиб бериши мумкинлигини қўшиб ўтди.
Қўшниси билан ярашиб олган айбдор эса бу таклифга розилик билдириб, дарҳол тегишли органларга экспертнинг гапларини етказди. 2014 йил декабрь ойи ўрталарида эксперт ваъда қилинган пулни олиб, машина юкхонасига жойлаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан қўлга олинди.
У Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди ҳукми билан 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)