Тошкент шаҳридаги Халқаро ҳамкорлик марказида 29 апрель куни Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборт агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, экспорт-импорт, банк-молия, ёқилғи-энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электрон маҳсулотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, маркетинг, суғурта, ахборот технологиялари, кичик бизнес ва коммунал соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Иброҳим Эргашев Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Форумда венгриялик ишбилармонларга Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги имкониятлар тўғрисида маълумот берилди. Венгриянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва сармоявий муҳити ҳақида сўз юритилди.
Анжуманда Венгриянинг қатор йирик компаниялари иштирок этгани ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир. Envisys Investment, Aquis IT Services, Fit-Food, HND Stahl, Land Bau, Logsol, Umirs Europe, Maxima Foods каби компаниялар вакиллари Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўйиш ва кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.
Шу куни Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари ҳамда Венгрия ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди.
Изоҳ (0)