Ўзбекистон Миллий матбуот марказида почта алоқаси миллий оператори – «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналишлари юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти почта ва курерлик жўнатмаларини тарқатиш ва етказиб бериш, пул ўтказмалари, давлат пенсия ва нафақаларини тўлаш учун мўлжалланган почта алоқаси ҳамда почта хизмати объектларининг кенг тармоғини ташкил этади. Шу боис соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш миллий оператор фаолиятининг муҳим йўналишидир.
«Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти бош директорининг биринчи ўринбосари Х. Тожибоеванинг сўзларига кўра, айни пайтда Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиаллари, шунингдек, 24 касб-ҳунар коллежида соҳа кадрлари тайёрланмоқда.
Матбуот анжуманида «Ўзбекистон почтаси» бозор рақобати шароитида ходимлар малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди. Почта ходимлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий бизнес мактабининг Корпоратив бошқарув маркази, «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамиятининг кадрлар малакасини ошириш маркази ва бошқа муассасаларда малака оширмоқда.
Шунингдек, компанияда «электрон пул ўтказмалари», «тўловларни қабул қилиш», «пенсия ва нафақалар тўланишини ҳисобга олиш», «рўйхатга олинадиган почта жўнатмаларини ўтказишни мониторинг қилиш» каби автоматлаштирилган тизимлар фаолият кўрсатмоқда. 2014 йилда Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган халқаро авиажўнатмалар йўналишлари режасини тузишнинг автоматлаштирилган тизими дастури ишга туширилди.
Почта алоқаси мутахассисларининг малакасини янада ошириш, касб-ҳунар коллежларининг 1,9 мингдан зиёд ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг 890 битирувчисини почта алоқаси, иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, бухгалтерия, менежмент ва бошқа мутахассисликлар бўйича иш билан таъминлаш почта алоқаси миллий операторининг 2015–2019 йиллардаги устувор вазифалари ҳисобланади.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)