2012 йил ноябрь ойидан «Бухоро нефть базаси» унитар корхонасида директор лавозимида фаолият олиб борган шахс корхона бош ҳисобчиси ҳамда «Шаҳризода-Шаҳина» МЧЖ раҳбари билан ўзаро жиноий тил бириктирди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» нашри.
Қайд этилишича, ушбу жиноий келишувга кўра, Давлат солиқ инспексиясига ҳисоботлар тақдим этилмай, 2012 йилда 535 миллион 114 минг сўм, 2013 йил учун эса 1 миллиард 472 миллион 797 минг сўм миқдоридаги солиқ ва мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товланган.
Икки раҳбар ўзаро тил топишиб, «Бухоро нефть базаси» унитар корхонаси ҳамда «Шаҳризода-Шаҳина» МЧЖ ўртасида корхонанинг «Қоракўл» ва «Кўкча» филиалларида қурилиш-таъмирлаш ва монтаж ишларини амалга ошириш борасида шартнома тузган. Мазкур ҳужжатга биноан 2013 йилнинг август ойидан 2014 йил июнига қадар амалга оширилган ишлар ҳақидаги далолатномаларга сохта маълумотлар киритилиб, 13 миллион 332 минг сўмлик пул маблағлари талон-тарож қилинган.
Юқоридаги уч шахснинг ушбу қилмишларини фош этиш жараёнида улар аввал ҳам бир неча бор суд қилингани маълум бўлди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди ҳуқуқбузарларнинг жиноятига яраша жазо тайинлади.
Изоҳ (0)