18 апрель куни Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳри метрополитенининг ягона йўлидаги бекатлар иккитага кўпайиб, уларнинг жами сони 9 тага етди, деб хабар бермоқда «Nur.kz».
Очилиш маросимида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Олма-ота шаҳри акими Ахметжан Есимов иштирок этиб, янги «Сайран» бекатидан янги «Москва» бекатигача метрода борди.
Metro йўлининг қолган қисми сингари, янги бекатлар ҳам Абай кўчаси остида жойлашган. «Сайран» бекати Брусиловский ва Тлендиев кўчалари орасида, «Москва» бекати эса Утеген батир ва Алтинсарин кўчалари ўртасида жойлашган. Иккала бекат қурилиши ҳам 2014 йилда якунланган, кейин қўшимча ишлар бажарилган.
Янги бекатлар дизайни аввалгиларидан фарқ қилади. «Москва» бекати Москва метросидаги «Олма-ота» бекатига жавоб тариқасида қурилган бўлиб, дизайнда Кремль деворлари услубидан фойдаланилган. «Сайран» эса ёшларбоп, лекин оддийроқ дизайнга эга. Иккала бекатда ҳам иккитадан лифт ва саккизтадан эскалатор бор.
Поездлар келиши оралиғи тиғиз вақтларда 10 дақиқани, бошқа вақтларда 13 дақиқани ташкил этади. Metro жетони нархи — 80 тенге (0,43 доллар). Жетонлар фақат сотиб олинган кунда амал қилади, эртасига ишлатиб бўлмайди. Фақатгина ҳафтанинг чоршанба кунлари махсус қути орқали эски жетонлардан ҳам фойдаланиш мумкин.
Маълумот учун, Қозоғистонда ягона бўлган Олма-ота метрополитенининг илк қатнови 2011 йил 1 декабрдан йўлга қўйилган бўлиб, шаҳарнинг марказий Абай кўчаси остида ҳаракатланади. 2017—2019 йилларда биринчи йўлнинг иккинчи қатнови учинчи мажмуасини қуриш ражалаштирилмоқда, жумладан, «Достик» ва «Сариарка» бекатлари қурилади.
Изоҳ (0)