Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизми» номли ўқув-услубий қўлланманинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицей билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мутахассислар, ўқитувчилар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат қурилиши ва жамиятни ривожлантиришнинг, ички ва ташқи сиёсатнинг энг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганини таъкидлади.
«Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизми» номли ўқув-услубий қўлланма инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ишларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Янги нашрда миллий қонунчилик асослари, Ўзбекистон қўшилган халқаро ҳужжатлар, Ўзбекистонда ҳуқуқий тарғибот тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Изоҳ (0)