Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари Ўзбекистондан олиб чиқиш учун «ғамлаб» қўйилган рангли металл парчалари «омбор»ларини фош қилди, деб хабар беради Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликдаги текширувлар чоғида пойтахтнинг Учтепа туманида истиқомат қилувчи икки фуқарога тегишли гаражлар белгиланган тартибда кўрикдан ўтказилганида, рангли металларни сақлаш ва қабул қилиб олиш учун белгиланган тартибда давлат корхоналари рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, умумий оғирлиги салкам 4 тонна бўлган ҳар хил турдаги – мис, никел қўрғошин ҳамда алюминий металлари ва уларнинг чиқиндилари борлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар бўйича айбдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиши таъминланиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Шунингдек, ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Сергели туманида истиқомат қилувчи шахс ҳамда Яккасарой туманида яшовчи фуқаронинг хонадонлари амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, бу ерда кейинчалик қайта сотиш мақсадида оғирлиги 10 тоннадан ортиқ қўрғошин парчалари ноқонуний равишда сақланаётганлиги фош қилинди.
Мазкур ҳолатлар бўйича айбдор шахсларга нисбатан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари тегишли суд идорасига кўриб чиқиш учун юборилди.
Изоҳ (0)